Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Милена Мадмусаева «Даракчи» нашрининг «Қисқа ва лўнда» лойиҳасида меҳмон бўлиб, ўзи ҳақида сўзлаб берди.
«Жаҳлим чиққанида тинмай куладиган одатим бор. Асабийлашмаслик учун шундай қилсам керак. Бир марта сабримни синайверган одамга қўл кўтарганман», — деб айтиб ўтган Милена.
Айни вақтда фитнес билан шуғулланиб турадиган Мадмусаева беш ёшидан бошлаб гимнастикага қатнагани ҳақида сўзлаб берган: «Гимнастика билан профессионал шуғулланганман. Кейинчалик карате билан жиддий қизиқдим ва сариқ, яшил, кўк белбоғлар олдим. Жуда шўх бўлиб, маҳалладаги болалар билан муштлаша бошлаганимдан сўнг ота-онам қизиқишимни ўзгартиришга қарор қилган».
«Ишонсангиз, синфдошларим мендан қўрқарди. Мактабда энг безори қиз бўлганман. Ёшим улғайгач, тош кўтариш билан шуғулланганман», — деб фикрида давом этди Милена.
Қўшиқчи, шунингдек, болалигида баланд жойдан йиқилиб тушганини тан олиб, мияси чайқалганидан кейин баландликдан қўрқиб қолгани ҳақида айтган. У истироҳат боғларида каруселларга чиқмайди.
Мадмусаева туғилган йилини хато ёзмасликларини сўраб, уни аниқ қилиб айтиб берди — 1988 йил, 26 сентябрь.
Милена кенг услубда кийинишни ёқтириши ҳақида сўзлаб, Шаҳзода ва Лола Йўлдошеванинг услуби унга ёқишини билдирган. Қўшимчасига Лоланинг бироз очиқроқ кийинишини ҳам айтган.
Қўшиқчининг турмуш ўртоғи аҳд-паймон қилинганига 1 йил тўлганидан кейин Миленанинг қўлини сўраган. Клипининг тасвирга олиш ишлари давом этаётганида қўлида гул ва узук билан унга турмушга чиқишни сўраган турмуш ўртоғига Мадмусаева иккиланмасдан ижобий жавоб қайтарган. Лойиҳа қаҳрамони унинг санъатини тушунадиган қайнона ва қайнотасидан, шунингдек, продюссери бўлган турмуш ўртоғидан миннатдорлигини айтиб ўтган.
Изоҳ (0)