Ҳиндистон полицияси мамлакат бош вазири Нарендра Модига таҳдидли мактуб элтаётган кабутарни ҳибсга олганини билдирмоқда. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Sky News манбаларига кўра, қуш Панжоб штатида, Покистон билан чегара яқинида аниқланган. Бу ерда жангарилар январь ойида Ҳиндистон ҳарбий базасига ҳужум уюштирганди. Полициячилар кабутарда «Моди, биз 1971 йилдаги одамлар эмасмиз. Ҳозир ҳар бир бола Ҳиндистон билан курашишга тайёр» деган матнли хат бўлганини даъво қилмоқда. Мазкур мактубга «Лашкар-и-Тоййиба» гуруҳи муаллиф бўлгани тахмин этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат ўртасидаги муносабатлар террорчилар Кашмирдаги ҳинд ҳарбийларига ҳужум қилиб, 18 кишини ўлдирганидан сўнг мураккаблашди. Ҳиндистон томони бунда Покистонни айблади. Мазкур ҳодисадан сўнг назорат чизиғида бир неча бор отишмалар юз берди.
Изоҳ (0)