АҚШнинг Сиэтл шаҳрида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан «Сиэтл–Тошкент» биродар шаҳарлар уюшмаси кўмагида ташкил этилган «Тошкент» боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» хабар бермоқда.
Тадбирда Сиэтл маъмурияти ҳамда биродар шаҳарлар уюшмаси раҳбарияти, Вашингтон штати университети ва шаҳар аҳолиси вакиллари қатнашди. Тадбир Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига сукут дақиқаси билан бошланди.
Ўз чиқишида «Сиэтл–Тошкент» биродар шаҳарлар уюшмаси раиси С. Пэкстон тадбир мезбонлари ва иштирокчилари номидан Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига ҳамдардлик билдирди. Пэкстон хоним Биринчи Президентнинг мамлакат суверенитетини мустаҳкамлашда ва сиёсий-иқтисодий йўналишини шакллантиришда, шунингдек, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда тутган муҳим ўрнини таъкидлаб ўтди.
Уюшма раҳбари боғнинг тарихий аҳамияти ҳақида гапирар экан, унинг ташқи кўринишини яхшилаш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталиб ўтди. Хусусан, реставрация натижасида боғнинг йўл инфраструктураси янгилангани ва ободонлаштириш ишлари якунланганини билдириб ўтди.
«Сиэтл–Тошкент» йўналишида Ўзбекистон билан йўлга қўйилган ҳамкорликни юқори баҳолар экан, Пэкстон хоним уюшманинг ўзбекистонлик шериклар билан мулоқотни мустаҳкамлаб бориш, шунингдек, Ўзбекистон билан конструктив руҳдаги ҳамкорликни давом эттириш ниятини изҳор этди.
Ўз навбатида, Сиэтл мэри ўринбосари Х. Ким икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
«Шаҳримиздаги ‘Тошкент’ боғи нафақат шериклик муносабатларининг тарихий босқичи рамзи, балки икки давлат ва халқ муносабатларининг самарадор ҳамкорлиги меваси ҳамдир», — таъкидлади Ким хоним.
Шунингдек, очилиш маросимида Сиэтлнинг собиқ мэри У. Ульман ҳамда Вашингтон штати университети профессори И. Сиртаутас чиқиш қилди.
Изоҳ (0)