БМТ бош котиби Пан Ги Мун Ҳиндистон ва Покистонни зудлик билан икки мамлакат чегараси бўлиб хизмат қиладиган назорат чизиғидаги вазият кескинлашувига йўл қўймаслик чораларини кўришга чақирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
30 сентябрь, жума куни эълон қилинган баёнотда бош котиб жангарилар томонидан Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги ҳарбий базасига уюштирилган ҳужумдан сўнг мазкур ҳудудда ўт очишни тўхтатиш тартиби бузилаётгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирди.
«Бош котиб икки томонни ҳам имкон қадар ўзини тийиш ва зудлик билан вазиятни ўнглаш учун қадам ташлашга чақиради. У Покистон ва Ҳиндистон ҳукуматларини ечилмаган, жумладан, Кашмир билан боғлиқ масалаларни тинчлик йўли билан, дипломатия ва мулоқот ёрдамида бартараф этишга даъват этмоқда», — дейилади баёнотда.
Пан Ги Мун, Исломобод ва Нью-Деҳли бунга қизиқиш билдирган тақдирда, БМТ икки давлат ўртасида воситачилик вазифасини ўташга тайёр эканлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)