Покистоннинг БМТдаги вакили Малиха Лўдий баҳсли Кашмирдаги Ҳиндистоннинг ҳаракатларини муҳокама этиш учун БМТ бош котиби Пан Ги Мун билан учрашиш ниятида. Бу ҳақда Покистоннинг Geo TV телеканали маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
У, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси, янги зеландиялик Жерард ван Бохемендан Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазият кескинлашганлиги ҳақида Хавфсизлик кенгашини хабардор этишни сўради.
«Халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилишдан мақсадимиз инқирозни у юз беришидан аввал олдини олиш», — деди Лўдий.
Унинг таъкидлашича, Исломобод баҳсли Кашмирда Ҳиндистон ва Покистон қўшинларини ажратиб турувчи Назорат чизиғи ҳудудида вазиятнинг кескинлашувига халқаро эътиборни қаратиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Покистон ва Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари ўртасида 29 сентябрь, пайшанба куни тонгда Кашмирда юз берган отишмада камида икки нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганлиги ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)