Японияда Токиодан Хиросимага кетаётган «синкансэн» тезкор экспресси йўловчилардан бири илон кўрганидан сўнг оралиқ бекатга тўхтатилди. Бу ҳақда, NHK телеканалига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
30 сантиметрлик илон вагон ўриндиғи ва девори орасида аниқланган бўлиб, йўловчиларни қўрқитиб юборди. Бу ҳақда маълумотга эга бўлгач, машинист Хамамацу бекатидаги темир йўлчиларни бохабар қилди. Экспресс платформага етиб келиши билан полициянинг икки ходими вагонга кириб, илонни тутди.
Шундан сўнг экспресс деярли кечикишсиз ўз манзилига етиб борди.
Экспертлар бу Японияда кенг тарқалган чипор илон эканлигини аниқлади. У заҳарли бўлмай, инсонларга хавф туғдирмайди. Полиция ва JR темир йўл компанияси судралувчи қандай қилиб вагонга кириб олганини аниқлашга уринмоқда.
Изоҳ (0)