Франция, Италия, Германия, Бирлашган Қироллик, АҚШ ТИВ раҳбарлари ва Европа Иттифоқининг Олий вакили Сурияда амал қилувчи гуруҳларни «Жабҳат ан-Нусра» билан ҳар қандай ҳамкорликни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Биз Сурияда ‘Ал-Қоида’дан ажралиб чиққан ‘ан-Нусра’ террорчи ташкилоти халқаро ҳамжамиятнинг душмани эканлиги ҳақидаги умумий қарашимизни тасдиқлаймиз. ‘Ан-Нусра’ Сурияда мувофиқлаштирилган сиёсий ўтиш ва инклюзив демократик келажакни рад этади ва биз Сурияда кураш олиб бораётган барча қуролли гуруҳларни ‘ан-Нусра’ билан ҳар қандай ҳамкорликни тўхтатишга даъват қиламиз», — дейилади 24 сентябрь, шанба кечқурун тарқатилган қўшма баёнотда.
Шунингдек, Франция, Италия, Германия, Бирлашган Қироллик, АҚШ ва Европа Иттифоқининг Олий вакили Сурия ва Ироқда ИШИДни йўқ қилиш тарафдори эканлигини тасдиқлади ҳамда Россияни ўз ваъдаларини бажаришга чақирди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)