Филиппин ҳукумати маҳаллий мухолифат чет элдан бўладиган кўмак ёрдамида мамлакат президенти Родриго Дутертени ҳокимиятдан четлаштириш мақсадида давлат тўнтариши уюштириш ниятидан хабар топди, деб ёзади «ТАСС» Филиппин давлат раҳбари матбуот котиби Мартин Анданарга таяниб.
Унинг сўзларига кўра, йирик норозилик ҳаракати тайёрланаётгани ҳақидаги маълумот «АҚШдаги ишончга сазовор манбалар»дан олинган. Маълум бўлишича, маҳаллий мухолифат 2017 йил январида Дутертенинг истеъфога чиқишини талаб қилиб, кампания бошламоқчи, уни кўчалардаги оммавий норозилик акциялари билан тўлдирмоқчи. Уларда қатнашишга даъватлар аллақачон ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда.
Филиппин етакчиси матбуот котиби таъкидлашича, ҳукумат тайёрланаётган фитнага тегишлича чора кўради. «Биз президентни ҳар қандай йўл билан ҳимоя қиламиз», — деди Анданар. У Манилада бундай акциялар ташаббускорларининг тўлиқ рўйхати борлигини қўшиб қўйди.
Дутерте май ойида бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра президент этиб сайланди. Расмий маълумотларга кўра, Дутерте номзоди учун 16,6 миллиондан ортиқ сайловчи овоз берган.
Сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг, бўлажак президент бир қатор бир-бирига зид фикрлар билдирди. Жумладан, у мамлакатда ўлим жазосини қайта тикламоқчи эканлигини маълум қилди. Шу билан бирга, қасамёд қабул қилиш учун келтирилган давлат раҳбари маочилар билан музокараларни қайта йўлга қўйишга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Изоҳ (0)