Колумбияда давом этаётган футзал бўйича Жаҳон Чемпионатида чорак финалга йўлланма олган яна уч мамлакат номи аниқ бўлди. 21 сентябрь куни Парагвай ва Россия термалари ¼ финал чиптасига эга чиққан бўлса, 22 сентябрь тонгида Эрон, Испания ва Португалия термалари шундай бахтга эришди.
Жаҳон Чемпионатининг энг сенсацион натижасини форслар қайд этди. Ҳозирга қадар 7 бор ўтказилган мундиалнинг 5 тасида бош совринга эга чиққан Бразилия Эронга қарши учрашувда 4:4 ҳисобида дуранг ўйнади. Пенальтилар сериясида эса эронлик футзалчилар 3:2 ҳисобида муваффақият қозонди.
Испания терма жамоаси чорак финалга йўлланма олиш учун Қозоғистон устидан 5:2 ҳисобида зафар қучди. Португалия эса Коста-Рикага имконият қолдирмади — 4:0.
22 сентябрь кунги уч учрашувдан кейин чорак финалнинг иккита жуфтлиги тўлиқ ҳал бўлди. Унда россиялик футзалчилар Европанинг амалдаги чемпиони Испания билан тўқнаш келса, Эрон Парагвайга қарши залга чиқади.
Изоҳ (0)