Пентагон адашиб Сурия армияси марраларига ҳаво зарбалари берилганидан афсус билдирди. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазирлиги расмий вакили Питер Кук маълум қилди, деб хабар бермоқда «Интерфах».
«Биз ҳозирча юз берган ҳодисанинг барча тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Агар Сурия армияси марраларига адашиб зарба берган бўлсак, бундан афсусдамиз, айниқса, қурбонлар бўлганидан. Коалиция самолётлари Сурия армияси эмас, ИШИД марраларига зарба беришни мўлжаллаганди. Ундан ташқари, Россия томони огоҳлантирилган, бироқ бу борада ҳеч қандай хавотир билдирилмаганди. Керакли сабоқ чиқариш учун мазкур операция синчиклаб ўрганилади. Айни пайтда, коалиция кучлари ИШИД тўлиқ мағлуб этилишига интилишда давом этади», —дейилади Кук томонидан тарқатилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари 17 сентябрь, шанба куни Дайр-аз-Завр шаҳри яқинида Сурия армияси марраларига тўртта авиазарба бергани, бунинг оқибатида 62 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлиб, юзга яқин киши яралангани ҳақида хабар берилганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)