Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ислом ҳамкорлиги ташкилотига ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро кузатувида иштирок этиш учун расман таклифномалар юборди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.
Илгарироқ хабар қилинганидек, МСК ЙХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасига ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига шундай таклифномалар юборган эди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни очиқ ва ошкора амалга оширади. Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.
Бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади. Уларнинг фаолияти Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 15 сентябрдаги 734-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек сайлов ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисида»ги Низом билан тартибга солинади.
Таъкидлаш лозимки, халқаро ва хорижий кузатувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши бутун сайлов жараёнининг ошкоралиги ва очиқлиги тамойиллари мустаҳкамланишига, умумийлик, тенглик, эркинлик ва яширин овоз бериш каби демократик сайловларнинг тамойилларига риоя этилишига хизмат қилади.
Изоҳ (0)