Британиянинг The Citizens Advertising Takeover Service (Фуқаролар томонидан рекламани эгаллаб олиш хизмати, қисқача — CATS) гуруҳи Лондон метросининг Клепхем-Коммон бекатида реклама жойларини сотиб олди ва уларга мушукларнинг суратларини жойлаштирди, дея хабар бермоқда Meduza.
Фаоллар 68 та реклама плакатини алмаштирди. Бунинг учун улар краудфандинг ёрдамида 23 минг фунт-стерлингдан ортиқ (тахминан 30 минг доллар) миқдорида пул тўплаган.
CATS — Glimpse ижодий гуруҳининг лойиҳаси бўлиб, у «ўз қобилиятларидан яхши ишларда фойдаланиш истагидаги ижодкор кишиларни» бирлаштирган.
Glimpse асосчиси Жеймс Тёрнернинг таъкидлашича, бу мушуклар емаги бренди ёки янги сериал рекламаси эмас: «Мазкур акция ортида турганлар — Kickstarter орқали пул тўплаган кўнгиллилардир. Биз одамлар оламга бошқача назар солишларини ва уни ўзгартириш имкони борлигини ҳис қилишларини истаймиз».
«Дастлаб реклама плакатлари ўрнига ёқимтой мушукчаларнинг суратларини жойлаштириш кўзда тутилган эди. Бироқ CATS вакиллари ўйлаб кўриб, бошпанага муҳтож жониворларнинг суратларидан фойдаланишга қарор қилди», — дейилади Metro нашри хабарида.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)