Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси мамлакат миллий терма жамоасининг ЖЧ—2018 саралашидан жой олган ўйинларига пухта тайёргарлик кўриши учун Олий Лига тақвимида бир қатор ўзгаришларга қўл урди, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.
23-турдан жой олган «Навбаҳор» — «Пахтакор» ўйини аввал белгилаб қўйилганидек 25 сентябрда эмас, балки бир кун олдин ўтказилиши маълум қилинди.
24-турнинг эса бир йўла икки учрашуви бошқа муддатда бўлиб ўтади. «Пахтакор» ва «Локомотив» иштирокидаги Тошкент дербиси 30 сентябрдан 28 сентябрга яқинлаштирилган бўлса, «Бухоро» — «Бунёдкор» ўйини ҳам худди шундай тақдирга дучор бўлди.
Аввалроқ «Локомотив» клубининг Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштирокини инобатга олган ПФЛ 20-турнинг «Машъал» — «Локомотив» учрашувини 26 августдан 20 сентябрга кўчирганди. Энди эса миллий терма жамоа манфаатлари сабаб мазкур ўйин санаси иккинчи бор ўзгарди, бироқ учрашув куни тўлиқ ҳал бўлмади. 17—19 октябрдаги ПФЛнинг захира кунларидан бирида «Локомотив» Муборак шаҳрига бориб келадиган бўлди.
Маълумот учун, ПФЛнинг 2016 йилги мавсуми учун тақвими Осиё Чемпионлар Лигаси ва ФИФА тақвимидан кейин тузиб чиқилган.
Изоҳ (0)