Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) мамлакат пойтахтида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар раҳбарларининг юбилей йиғилиши бўлиб ўтиши муносабати билан қўшимча хавфсизлик чораларини кўрмоқда, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Барча стратегик ва ҳаётни таъминлаш объектлари кучайтирилган ҳимоя остига олинган. Портловчи моддалар, қурол ва ўқ-дори сақланадиган муассасалар қўриқланишига алоҳида аҳамият берилмоқда. Пойтахтга кириб келаётган ёки чиқиб кетаётган автотранспорт изчил текширилмоқда. Шунингдек, олдинроқ экстремистик ташкилотлар билан алоқалари аниқланган шахслар билан профилактика тадбирлари ўтказилди. Бундай юксак даражадаги тадбирлар муносабати билан кўзда тутилган тартиб ва хавфсизликни таъминлаш бўйича комплекс чоралар амалга оширилмоқда», — дейилади Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати ахборотида.
Бўлажак саммит қатнашчилари ва меҳмонларини қўриқлашга Қирғизистон милициясининг жами 3 мингга яқин ходими жалб этилади. Улар ёрдамида делегациялар ҳаракати йўналишлари ва одамлар оммавий тўпланиш жойлари синчиклаб текширилди ҳамда куну тун қўриқлаш остига олинди.
Маълумот учун, МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг 25-йиғилиши Бишкекда 16 сентябрь, жума куни бўлиб ўтади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)