Индонезия ва Сингапурнинг йирик авиакомпаниялари парвоз вақтида Samsung Galaxy Note 7 смартфонидан фойдаланишга қўйилган тақиққа қўшилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Бу телефонларни ёқиш ва қувватлантириш бизнинг рейсларимизда бутунлай тақиқланган», — дейилади Singapore Airlines баёнотида.
Индонезиянинг Garuda Indonesia миллий авиакомпанияси ҳам ушбу тақиқни қўллади. «АҚШ федерал авиация бошқармасининг тавсиясига кўра, авиакомпаниянинг барча рейсларида ушбу қурилмани парвоз вақтида ёқиш, ‘парвоз’ режимида ишлатиш ҳамда самолёт бортида қувватлантириш тақиқланди», – деди жамоат билан алоқалар департаменти раҳбари Бенни Бутарбутар.
Авиакомпания вакиллари Galaxy Note 7 смартфонлари фойдаланувчилари кўп бўлишига қарамай, бўлиб ўтган ҳодисалар сабаб бундай тақиқни қўллашга мажбур бўлганини маълум қилди.
Қайд этиш керакки, АҚШ авиация бошқармаси авиайўловчиларга Galaxy Note 7 смартфонидан фойдаланмасликни тавсия қилганди. Кейинроқ АҚШ расмийлари Samsung Galaxy Note 7 смартфонларидан воз кечишга чақирди.
Аввалроқ Австралия авиакомпаниялари йўловчиларга Samsung Galaxy Note 7 смартфонидан бортда фойдаланишни ман этганди.
Изоҳ (0)