Дунё океани сатҳи аср охирига келиб, 3,5 метрга кўтарилиши мумкин. Бу сайёра аҳолисининг 20 фоиздан ортиғи яшайдиган денгиз бўйидаги шаҳарларга жиддий таъсир кўрсатади. Бундай прогнозни Россия Фанлар академияси Кенгаши «Денгиз соҳиллари» ишчи гуруҳи раиси Леонид Жиндарев маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Биз иқлим исиши даврида яшамоқдамиз, ушбу жараён Шимолий ярим шарда, Арктика минтақасида энг кўп сезилади. Музликларнинг эриши денгиз сатҳи кўтарилишига олиб келади. Дунё океани сатҳининг кўтарилиши бўйича уч хил вариантдаги прогноз бор: максимал даража — 3,5 метр, ўртача — 1—1,5 метр, минимал — 1 метргача. Биз ўртачасига асосланамиз», — деди олим.
Тадқиқотлар натижаларига кўра, айни пайтда Дунё океани сатҳи ҳар йили ўртача 3 миллиметрга кўтарилмоқда. Аммо Леонид Жиндарев айтишича, «кўтарилиш тезлиги ошишига мойиллик кузатилмоқда». У ушбу муаммо денгиз бўйидаги шаҳарлар учун жуда жиддий деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)