АҚШнинг Шимолий Каролина штатидаги энг йирик шаҳри – Шарлоттда полиция ходими вазиятни тушунтираётган кар-соқов кишини отиб ўлдирди. Бу ҳақда Daily Mail газетасига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Нашрнинг қайд этишича, 18 август куни кечга яқин полиция трассада автомобилда тезликни оширишни қайд этди. Машина ичида Шарлотт шаҳри фуқароси 29 ёшли Дениэл Кевин Харрис бўлган. Полиция ходимлари машинани тўхтатмоқчи бўлди, аммо ҳайдовчи ҳеч қандай жавоб ишорасини бермади.
Шундан сўнг полициячилар унинг ортидан қувди. Харрис ўз уйи яқинида тўхтади ва автомобилдан чиқди. Ҳуқуқ-тартибот вакилларининг таъкидлашича, ўша вақтда Дэниэл Кевин Харрис ва полициячи Жермен Сондерс ўртасида можаро келиб чиқди ва ҳуқуқ-тартибот ходими ўқ узишга мажбур бўлди. Бунинг натижасида Харрис воқеа жойида ҳалок бўлди.
Ҳодиса гувоҳларининг билдиришича, тезликни оширган ҳайдовчи машинадан тушаётганда унга қарата ўқ узилган. Ҳалок бўлган Харриснинг қўшни ва яқинлари у кар-соқов бўлгани учун ҳаракат вақтида полиция сиренасини эшитмаганини таъкидламоқда. Харрис уйига етиб келиб, машинадан тушганида полиция ходимини кўрди ва ўзи учун ягона усул – ишоралар тилида вазиятни тушунтириш мақсадида у томон йўл олди. Бу эса полициячининг ўқ узиши учун етарли сабаб бўлди.
Нохуш ҳодисадан сўнг Харриснинг оиласи ҳалок бўлганнинг кремация ва дафн маросимига маблағ йиғиш мақсадида интернет саҳифа очди. Daily Mail’нинг қайд этишича, айни дамда Харриснинг қариндонлари 5 минг доллар тўплашга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)