Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг монограмма билан безалган либоси аукционда сотилган тарихдаги энг қимматбаҳо замонавий костюм сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Шимолий Ҳиндистон модаси анъаналарига кўра тикилган костюм бош вазир томонидан ўтган йили АҚШ президенти Барак Обама билан учрашув учун махсус буюртма қилинган ва атиги бир бор кийилганди. Учрашувдан сўнг, февраль ойида Моди уни тушган маблағлари Ганг дарёсини тозалашга ишлатиладиган хайрия аукционига қўйди.
Аҳмадобод шаҳридаги таниқли тикувчи томонидан тайёрланган ва Модига тахминан бир миллион рупийга тушган костюм кимошди савдосида 43 миллион рупийга (693 минг доллардан кўпроқ) харид қилинди. Уни бриллиантлар савдоси билан шуғулланувчи компания эгаси Лалжибхаи Патель сотиб олди ва «мазкур харид тарихда қолиши учун» Гиннеснинг рекордлар китобига мурожаат этди. Орадан бир неча ой ўтиб унга рекорд тан олингани ҳақидаги расмий сертификат юборилди. Энди бош вазир костюми компанияда зирҳли шишадан ясалган витринада сақланиши билдирилмоқда.
Изоҳ (0)