Германияда 70 нафар саратон касаллигига чалинган бемор оламдан ўтган сохта табиб касалхонаси иши юзасидан тергов олиб борилмоқда. Бир курс муолажалари 10 минг евро турган мазкур тиббиёт марказида Германия, Бельгия ва Нидерландиядан келган мижозлар даволанган, дея хабар беради «Корреспондент.net».
Касалхонада инсонга таъсири яхши ўрганилмаган дори-дармонлардан фойдаланилган, уларнинг саратон касаллигига қарши курашдаги самараси, қолдириши мумкин бўлган асоратлари аниқланмаган. Дори-дармонларни қўллаш учун рухсат берилмаган, бироқ расмийлар томонидан қонунчилик асосида ман ҳам этилмаган.
Мижозларнинг ҳалок бўлиш сабаблари ҳозирча аниқланмади. Ўлим ҳолатлари саратон хасталиги ёки дориларни ноўрин қўлланиши туфайли юз берган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Айрим беморлар курсларни ўтагандан сўнг оғир касалликларга дуч келган.
Терговчилар вазиятга ойдинлик киритиш учун марҳумлардан бир нечаси жасадини эксгумация қилиш ва уларнинг ўлими сабабларини ўрганишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)