Жанубий Судан собиқ вице-президенти Риек Машар унга содиқ бўлган қуролли гуруҳ ва президент Салва Киир қўшинлари ўртасида янги тўқнашув содир бўлгач, мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда Reuters агентлигига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Машар минтақадаги хавфсиз мамлакатга йўл олган. Аввалроқ у ўз қароргоҳини тарк этгани ҳақида хабар қилинганди.
2013 йил декабрида Салва Киир қўзғолончиларнинг собиқ етакчиси, ўзининг ўринбосари Риек Машарнинг лавозимидан бўшатиши Жанубий Суданда можаро келиб чиқишига сабаб бўлди. Икки сиёсатчи ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли уларнинг тарафдорлари, икки хил элат вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлиши тезлик билан авж олди.
2015 йилнинг август ойида Киир ва Машар тинчлик келишувини имзолади. Шу йилнинг январь ойидан бошлаб улар миллий бирлик ўтиш ҳукумати тузишга келишиб олди. Шу йилнинг 7 июль куни ҳукумат кучлари ва қуролланган мухолифатчилар ўртасида можаро яна тикланди.
Изоҳ (0)