Андижон вилоятида бошқа бир аёлга нисбатан зўравонлик қилган аёлга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

22 июль куни ижтимоий тармоқларда ушбу аёлнинг бошқа аёлни “самосуд” қилгани видеоси тарқалиб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганди. Андижон шаҳри, “Ҳунарманд” маҳалласида жойлашган кийим савдоси билан шуғулланувчи дўкон эгаси бўлган 1992 йилда туғилган аёл А.П. қўл остида сотувчи бўлиб ишловчи 2005 йилда туғилган С.С. ўртасида содир бўлган. Ўзаро қарз олди-берди масаласи ортидан дўкон эгаси сотувчи қизга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик каби хатти-ҳаракатларни содир этган.
Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 138-моддаси 2-қисми (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро А.П. процессуал тартибда ушланди.
Тергов иши Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Андижон вилояти ИИБ ушбу суратдаги аёлнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан жабрланганлар 102 қисқа рақамига, Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБнинг телефон рақамига 74-223-59-52 ёки яқин орадаги ички ишлар бўлимларига мурожаат қилишларини сўради.
Изоҳ (0)