Хитойда болалар савдоси билан шуғулланган аёл қатл этилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Хуан Цинхэн мамлакатда болаларни сотган жиноятчиларнинг халқаро гуруҳи аъзоси эди. Чақалоқлар одатда яширин равишда Вьетнамдан олиб келинган, баъзида гуруҳ кейинчалик болаларини олиб қолиш учун ҳомиладор аёлларни ҳам чегара орқали ўтказган. Тергов чоғи полиция 10 кундан етти ойликкача бўлган 11 чақалоқни қутқарди, улардан ўн нафари Вьетнамга қайтарилди.
Жиноий гуруҳнинг Хитой ва Вьетнам фуқароларидан иборат бўлган 20 дан ортиқ аъзоси Фанченган (Гуанси-Чжуан мухтор тумани, Жанубий Хитой) 22 ойдан умрбод қамоқ жазосигача бўлган муддатларга ҳукм қилинди. Хуан Цинхэн ўлим жазосини бекор қилишларини сўраб апелляция бергани, бироқ юқори суд ҳукмни ўз кучида қолдиргани билдирилмоқда.
Изоҳ (0)