Тошкентда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида юқори вольтли электр узатиш линиялари ва тақсимлаш пунктларини таъмирлаш ҳамда модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Электр энергиясини станциялардан истеъмолчиларга етказиб беришда маълум йўқотишлар бўлади. Аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ва йўқотишларни маълум миқдорда камайтириш энергия етказиб берувчиларнинг муҳим вазифаларидандир. «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятидан маълум қилинишича, электр энергиясига бўлган талаб муттасил ошиб бормоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда янги корхоналар, фирма ва компаниялар ташкил этилмоқда. Айни пайтда Тошкентда 595 мингдан ортиқ жисмоний ва 18 мингдан ортиқ юридик истеъмолчи шаҳар электр таъминоти тармоқларига уланган. Буларнинг бари электр таъминоти тармоқлари фаолиятини янада кенгайтириш, электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қобилияти ва трансформатор нимстанциялари қувватини оширишни талаб этади. Бу борада тармоқлар модернизация қилиниб, эскирган электр узатиш симлари янгисига алмаштирилмоқда, фойдаланилган электр энергияси учун тўлов интизомини оширишга доир ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Тошкентдаги 341 кичик трансформатор нимстанцияси капитал таъмирланди, ишга яроқсиз бўлган станциялар янгиланди, 41,6 километрлик электр тармоқлари реконструкция қилиниб, 94 тармоқ трансформатори таъмирланди. Куз-қиш мавсумида электр тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шаҳарнинг барча туманларида бу борадаги ишларни мувофиқлаштирадиган штаблар фаолият юритмоқда, туман электр тармоқлари ходимларининг туну кун навбатчилиги йўлга қўйилган, авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган. Тошкент шаҳар ёнғин хавфсизлиги бошқармаси билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Замонавий ахборот технологиялари электр таъминоти соҳасига ҳам муваффақиятли жорий қилинмоқда. Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилгани ҳамда янги электрон ҳисоблаш приборларининг ўрнатилиши натижасида истеъмолчилар билан электр энергияси учун ҳисоб-китоб олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилмоқда. Баланс «нуль» бўлган ҳолатда марказий электр таъминотига улаш ва ўчириш тўлиқ автоматлаштирилган. Масалан, Бектемир туманида замонавий янги тизим муваффақиятли жорий этилгани самарасида фойдаланилган электр энергияси учун тўлов интизоми юксалиб, истеъмолчиларнинг қарздорлик даражаси камайган.
Электр энергиясига бўлган эҳтиёж ортиб бораётгани унинг сарфини камайтириш ва ундан тежаб фойдаланиш усулларини жорий қилишни талаб этмоқда. Энергия тежайдиган ускуналарни қўллаш сарфланадиган энергиянинг умумий ҳажмини камайтириш ва истеъмолчилар маблағини иқтисод қилиш имконини беради. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва кенг қўлланилаётган энергия тежайдиган люминесцент ва светодиод лампалар бунга ёрқин мисол бўла олади.
Бундан ташқари, «Электр ҳисобга олиш» дастури етказиб берилган электр энергияси учун ўз вақтида маблағ йиғиб олиш жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилаётир. Тижорат банклари, «Ўзбекистон почтаси», Paynet тўлов тизимлари кўрсатилаётган хизмат учун тўлов тизимини такомиллаштиришнинг муҳим усулларидандир. Бунинг самарасида электр энергияси тўловлари тизими соддалаштирилди, электр энергиясидан фойдаланиш тартиби назоратга олинди. Дастур online технологиялари орқали истеъмолчиларга шахсий кабинет ва SMS-хабар ёрдамида тезкор ахборот тақдим этишни автоматлаштиради. Ҳар бир истеъмолчи мазкур дастур орқали тўловнинг жорий баланси, келиб тушган тўлов, ҳисоблаш ускунасидан олинган кўрсаткичлар, ҳисоб-китоб жараёни ва тўловнинг жорий ҳолати ҳақидаги ахборотдан фойдаланиши мумкин.
Изоҳ (0)