Альп тоғларининг Франциядаги тизмаларида ўтган дам олиш кунлари экстремал спорт турлари билан шуғулланган беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Guardian манбаларига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Спортнинг экстремал турлари учун ҳалокатли бўлган дам олиш кунлари икки альпинист, парашютчи, дельтапланчи ва вингсьют (учиш костюми) учувчисини ҳаётдан олиб кетди», — дейилади газета хабарида.
13 август, шанба куни Анси кўли яқинида икки ўринли қурилмадан қулаган 49 ёшли дельтаплан бўйича мураббий мазкур қайғули рўйхатни бошлаб берди. Унинг ўқувчиси эсон-омон қўнишга муваффақ бўлди. Ўша куннинг ўзида 32 ёшли учиш костюми ишқибози 2041 метр баландликдаги Дан д’Арклюза чўққисидан сакрагандан сўнг ҳалок бўлди.
14 август, якшанба куни 34 ва 37 ёшли икки альпинист Мейж тоғи (3984 метр) ёнбағридан пастга қулаб, ҳаётдан кўз юмди. Кейин эса қидирув-қутқарув хизмати ходимлари Швейцария билан чегара яқинидаги Юқори Савойя департаментида 2072 метрли Буклон тоғидан сакраган парашютчининг жасадига дуч келди.
Изоҳ (0)