Голливуд актёри Леонардо Ди Каприо Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод Ҳиллари Клинтон кампанияси учун маблағ йиғишда иштирок этади, деб хабар бермоқда Variety.
Маълумотларга кўра, 23 август куни сиёсатчи Лос-Анжелесга ташрифи чоғида Ди Каприонинг ҳашаматли уйида ташкил этиладиган «Ҳиллари билан суҳбат» номли тадбирда иштирок этади. Тадбирга кириш учун чипта нархи 33,4 минг долларни ташкил қилади. Шулардан 2,7 минг доллари Клинтоннинг сайлов фондига, қолганлари эса Демократик партиянинг миллий қўмитасига ҳамда турли партия акцияларига йўналтирилади.
Нашрнинг қайд этишича, Ди Каприо Ҳиллари Клинтоннинг тарафдори бўлиб, бу каби пул йиғишларни Нью-Йорк шаҳрида ҳам ўтказган.
Ди Каприо уйида бўлиб ўтадиган тадбирдан бир кун олдин Лос-Анжелесда Клинтоннинг яна бир учрашуви бўлиб ўтади. Унда бизнесмен, актёр, режиссёр ва продюсерлар иштирок этади. Учрашувга кириш чиптаси 2,7 мингдан 100 минг долларгача нархланади.
АҚШ президентлиги учун сайлов шу йилнинг 8 ноябрида бўлиб ўтади. Ҳиллари Клинтон Республикачилар партияси томонидан номзод этиб сайланган Дональд Трамп билан рақобатлашади.
Изоҳ (0)