Бразилия ҳукумати ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда ва Рио-де-Жанейрода Олимпиада ўйинлари чоғида теракт уюштиришни режалаштиришда гумон қилиниб қўлга олинган шахслар гуруҳи ҳақида АҚШ Федерал қидирув бюросидан маълумот қабул қилиб олган. Бу ҳақда Globo газетасига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
«Ушбу орган Бразилия ҳукуматига ИШИДни қўллаб-қувватлаб, экстремистик ғоялар билан чиққан камида олти кишининг борлиги ҳақида огоҳлантирилган ҳужжатни юборди», — деб ёзади Globo. Нашр текширув учун масъул бўлган Бразилия прокурори Рафаэль Брум Мирон сўзларини ҳам келтириб ўтди, унинг таъкидлашича, ҳибсга олинганлар онлайн-мессенжер орқали бомба тайёрлаш усулларини муҳокама қилган.
Нашр эслатишича, 21 июль, пайшанба куни Бразилия ҳуқуқ-тартибот органлари ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда ва Рио-де-Жанейрода Олимпиада ўйинлари чоғида теракт уюштиришни режалаштиришда гумон қилиб, ўн кишини қўлга олди. Мамлакатнинг ўнта штатида кенг кўламли «Хэштег» аксилтеррорчилик операцияси ўтказилди. 22 июль, жума куни ушбу иш бўйича ўн биринчи гумонланувчи ҳибсга олинди. Яна бир киши қидирувда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)