АҚШ адлия вазирлиги Малайзиянинг муаммоли 1Malaysia Development Berhad (1MDB) тараққиёт фонди иши юзасидан қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ мулкни мусодара қилишга уринмоқда, улар орасида санъат буюмлари, кўчмас мулк ва Мартин Скорсезенинг «Уолл-стритлик бўри» фильмидан тушган даромад ҳам бор. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Адлия вазирлиги Калифорния судига топширган ҳужжатларда айтилишича, активлар Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқнинг ўгай ўғли ва 1MDB билан боғлиқ одамлар томонидан ноқонуний тарзда тараққиёт фонди маблағларига сотиб олинган.
Жиноятчилар фонднинг жами 3,5 миллиард доллардан ортиқ пулларини ўзлаштириб олган, уларнинг 1 миллиард долларга яқини АҚШ банк тизими орқали «ювилган».
Ўтган йил июлида фонд билан боғлиқ ташкилотлардан Нажиб Раззоқ ҳисоб рақамига 700 миллион долларга яқин маблағ ўтказилгани билдирилган, ўшанда собиқ бош вазир Махатхир Муҳаммад издошини порахўрликда айблаганди. Малайзия бош прокурори Муҳаммад Апанди Али эса мазкур йирик суммани (681 миллион доллар) «Саудия Арабистони қироллик оиласининг хайрияси» деб топганди.
Изоҳ (0)