Индонезия полиция ходимларига Pokemon Go мобил ўйинини ўйнаш тақиқланди. Тақиқ вазифада бўлиб турган барча полициячиларга қўлланмоқда, деб хабар беради «Интерфакс».
«Полиция офицерлари ўйинга ўрганиб қолишидан хавотирдамиз ва буни хоҳламаймиз. Полиция ходимининг вазифаси – халқ учун хизмат қилиш. Бу иш меҳнатсеварлик ва юқори сергакликни талаб қилади», – дея тушунтирди Индонезия полиция хизмати раҳбарияти.
Мамлакат мудофаа вазирлигида ҳам ҳарбийлар учун ушбу тақиқни қўллашга тайёргарлик кўрилмоқда.
«Жосуслик фаолияти турли шаклда бўлиши мумкин», – деб Pokemon Go ўйини хавфсизликка таҳдид эканини айтиб ўтди Индонезия мудофаа вазири Рьямизард Рьячуду.
Pokemon Go Индонезияда расман ишга тушмаган бўлса-да, мобил ўйин мамлакатда шуҳрат қозона бошлади.
Изоҳ (0)