Самвел Бабаян мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австриядаги йиғини давомида ўзининг биринчи ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Бунинг учун 6 июль куни сафарга жўнаб кетган жамоага 12 кун вақт керак бўлди.
«Боруссия Дортмунд» ёшларига қарши ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди, деб хабар берди «Championat.asia». Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида «Бунёдкор» клуби вакили Элдор Шомуродов киритилган голга муаллифлик қилди.
«Боруссия Дортмунд» клубига қарши ўртоқлик ўйини ўтказилиши мумкинлиги йиғин олдидан маълум бўлган, бироқ унда рақибнинг ёшлар жамоаси экани кўрсатилмаганди. Режага кўра 22 июлга қадар 3 та ўртоқлик ўйини ўтказилиши керак бўлиб, ҳозирча шулардан фақатгина 1 таси ташкил этилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Чехиянинг «Яблонец» клубига қарши ўртоқлик ўйинини ҳам келишиб қўйганди. Бироқ кучли ёмғир туфайли учрашув бекор қилинган. Бу Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун аввал келишилиб, кейин бекор қилинган қаторасига учинчи ўйин эди.
Изоҳ (0)