Ниццадаги Инглиз соҳилига 14 июль оқшомида байрам мушакбозлигини томоша қилиш учун келган ёш аёл шу ҳудудда рўй берган террорчилик ҳаракати вақтида яқин орадаги ресторанларнинг бирида фарзанд туғди. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлиги хабар бермоқда.
Чор-атрофда юз бераётган воқеалардан ваҳимага тушиш натижасида ҳомиладорликнинг тўққизинчи ойида бўлган аёлда тўлғоқ бошланган. У соҳилбўйининг бошидаги ресторанлардан бирига яширинишга муваффақ бўлган.
«Ресторан ходимлари уни ошхонага олиб ўтишган, аёл шу яқин атрофда бўлган шифокорнинг ёрдами билан фарзандини туққан. Шундан сўнг она ва болани олиб кетгани қутқарувчилар келган», — дея хабар бермоқда BFMTV телеканали.
14 июль оқшомида Бастилия қалъасининг олиниши муносабати билан уюштирилган байрам тадбирлари доирасида мушакбозликни томоша қилгани Ниццанинг Инглиз соҳилига йиғилган оломон устига юк машинаси босиб борган. Ҳужум натижасида 84 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганларнинг аксарияти оғир аҳволда ётибди.
Мазкур террорчилик ҳаракати Ниццада истиқомат қилувчи, келиб чиқиши тунислик бўлган 31 ёшли Муҳаммад Буҳлел томонидан амалга оширилган. 16 июль куни мазкур теракт учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олгани маълум бўлди.ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)