Клублар ўртасидаги Осиё Чемпионатида биринчи бор иштирок этаётган «Олмалиқ» футзал клуби турнирни мағлубият билан бошлади. Бу ҳақда «Championat.asia» хабар берди.
Эрон чемпиони «Тасисат Дарёий»га қарши залга чиққан «Олмалиқ» футзалчилари 3:4 ҳисобида имкониятни бой берди. Учрашувда ҳисоб форслар томонидан очилган бўлса, кейинроқ Фарҳод Абдумавлонов дубл қайд этди.
Шундан кейин Эрон чемпиони яна 3 та гол урди. Учрашув якунида Жавлон Аноров «Олмалиқ» учун учинчи голни уриб, ўйинга якун ясади.
«Тасисат Дарёий»ни Эрон футзалида катта из қолдирган Воҳид Шамсаий бошқариб боради. Шамсаий Эрон футзал терма жамоаси учун 392 та гол урган футзалчи ҳисобланади.
«B» гуруҳидаги сўнгги учрашувни «Олмалиқ» 16 июль куни Ливан чемпиони «Ал Майадин» клубига қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 15:00 да старт олади.
Таиланд мезбонлик қилаётган клублар ўртасидаги Осиё Чемпионатида 12 та жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. 3 тадан жамоа бор гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллар жамоалар чорак финалга йўлланма олади.
Изоҳ (0)