Ўзбекистонда сайғоқларни асраш, улар яшаб, кўпаядиган ҳудудларни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилаётганига қарамасдан, қонунга хилоф тарзда овланган сайғоқларнинг шохларини яширин равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар кўзга ташланмоқда. Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги сайғоқ шохларининг контрабандаси фош қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Фарғона шаҳридаги омборлардан бири амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу омборда 468 дона сайғоқ шохи ҳамда 72 дона мазкур турдаги шох бўлаги, бундан ташқари 170 дона тери яширин равишда сақланаётганлиги фош қилинди.
Суриштирувлар давомида аниқланишича, ноқонуний равишда олиб чиқишга мўлжалланган ушбу ноёб маҳсулотлар ва терилар Сўх туманида истиқомат қилувчи Фарҳод Амуровга (исм-шарифи ўзгартирилган) тегишли бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг нархи салкам 148 миллион сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Сайғоқ миллий ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган бўлиб, уни овлаш 1992 йилдан бошлаб қатъиян ман қилинган.
Изоҳ (0)