АҚШда автопилот режимида ҳаракатланаётган Tesla Motors компаниясининг электрокарлари иштирокида иккита янги авария юз берди. Бу ҳақда 12 июль, сешанба куни CNN телекомпанияси маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Ҳодисалар 9 июль куни Монтана ва 1 июль куни Пенсильванияда юз берди.
Биринчи ҳолатда Вашингтон штатидан Йеллоустон Миллий паркига (Калифорния штати) соатига 96,6 километр тезлик билан ҳаракатланаётган Model X кроссовери шамолли ҳавода ўнгга сурилиб кетган. Машина йўл ёқасидаги бир нечта дарахтни уриб кетган ва симёғочга тўқнашган. Ҳайдовчи ва йўловчи жабрланмаган.
Иккинчи ҳолатда 77 ёшли Альберт Скалионе (рулда у бўлган) қариндоши билан Tesla Motors электрокарида Питтсбург шаҳридан 160 километр масофадаги тезюрар трассада ағдарилиб кетган. Скалионе автопилот ёниқ эканлигини таъкидлаган, бироқ бошқа тафсилотларни келтирмаган. Унга ва йўловчига тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, ўша куннинг ўзидаёқ шифохонадан жавоб берилган.
Эслатиб ўтамиз, 7 май куни Tesla автомобили биринчи марта ўлимга олиб келган йўл-транспорт ҳодисасига учраганди. АҚШ Ҳаракат хавфсизлиги миллий бошқармаси (NHTSA) ушбу ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда.
Изоҳ (0)