Тошкентнинг Форобий ва Мирзо Ғолиб кўчалари чорраҳасида 7 июль куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси гувоҳлари қидирилмоқда. Бу ҳақда Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида хабар қолдирилган.
Маълум бўлишича, Форобий кўчасидан Мирзо Ғолиб кўчасига бурилиб кираётган Nexia автомобилига Spark машинаси келиб урилган. Хабар муаллифининг ёзишича, Nexia яшил чироққа, Spark эса қизил чироққа чорраҳага кириб келган.
«Тўқнашув натижасида Nexia ичида бўлган ҳомиладор аёл тан жароҳати билан бирга жуда кучли руҳий жароҳат олган, Nexia ҳайдовчисининг мияси чайқалган. Spark эгаси эса айбини тан олмаяпти», — деб ёзади хабар муаллифи.
Хабар муаллифининг қайд этишича, ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. «Илтимос, ким шу воқеани кўриб-билган бўлса, ҳақиқат қарор топиши учун гувоҳлик беринг», — деб ёзади хабар муаллифи.
Фотохабар остида фикр билдирганларнинг аксарияти автомобилга видеорегистратор ўрнатиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)