УЕФА техник кузатув гуруҳи Евро—2016 нинг рамзий терма жамоасини эълон қилди. Ундан 4 нафар португалиялик, 3 нафар немис, 2 нафардан франциялик ва уэльслик футболчи жой олди.
Рамзий терма жамоа 4-2-3-1 тактик схемасига асосан тузилган бўлиб, ундан мос равишда қуйидаги футболчилар жой олди: Руи Патрисиу (Португалия); Жошуа Киммих (Германия), Жером Боатенг (Германия), Пепе (Португалия), Рафаэль Геррейру (Португалия); Тони Кроос (Германия), Жо Аллен (Уэльс); Антуан Гризманн (Франция), Аарон Ремзи (Уэльс), Димитри Пайет (Франция); Криштиану Роналду (Португалия).Техник кузатув гуруҳи аъзолари рамзий терма жамоани тузишда Евро—2016 бошлангунига қадар ишлаб чиқилган мезонларга асосланган. Мусобақанинг ҳар бир турида икки нафардан таҳлил гуруҳи аъзоси иштирок этди.
«Евро—2016 рамзий терма жамоасини аниқлаш учун гуруҳ аъзолари вақт сарфлаб бўлсада, якдил фикрга келди. Биз етакчи марказий ҳимоячиларни танлаб олдик. Қанот ҳимоячиларини аниқлашда эса уларнинг нафақат ҳимоядаги ўйини, балки ҳужумлардаги иштирокини ҳам ўрганиб чиқдик. Таянч ярим ҳимоячилардан ўйин ритми ва динамикисини назорат қила олиш талаб этиларди. Шунингдек, вазият яратувчи ва уни муваффақиятли якунлай олувчи олд чизиқ вакилларига эътибор қаратдик», — деб таъкидлади УЕФАнинг мураббийлар фаолияти масалалари бўйича элчиси Алекс Фергюсон.
УЕФА томонидан Евро—2016 беллашувларини кузатиб бориш ва таҳлил қилиш учун тузилган техник кузатув гуруҳида Алекс Фергюсон, Ален Жиресс, Дэвид Моес, Томас Шааф, Саво Милошевич, Миксу Паателайнен, Гарет Саутгейт, Петер Рудбек, Хинес Мелендес, Жан-Поль Бриггер, Жан-Франсуа Домерг ва Пеки Боннер каби мутахассислар фаолият олиб борди.
Изоҳ (0)