АҚШнинг Нью-Жерси штатида америкалик марҳум боксчи Муҳаммад Алининг 1971 йилда ватандоши Жо Фрейзерга ютқазган жангидаги бокс қўлқоплари кимошди савдосига қўйилди. Бу ҳақда 11 июль, душанба куни Goldin Auctions кимошди савдо уйи вакиллари маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Қўлқоплар 1 миллион доллардан ортиққа сотилиши кутилмоқда.
«Алининг бокс қўлқоплари у вафот этмасдан аввал ҳам миллионларга сотилган», — дейди кимошди савдо уйи раҳбари Кен Голдин. Унинг таъкидлашича, боксчининг ўлимидан сўнг у билан боғлиқ нарсаларнинг нархи ошишини кутиш мумкин.
Кимошди савдоси келаси ойнинг бошида бўлиб ўтади. Али ва Фрейзер ўртасидаги жанг 1971 йилнинг мартида Нью-Йоркда бўлиб ўтган эди. Бунгача боксчилар бирорта ҳам жангда мағлуб бўлмаган эди.