Эронлик ҳужумчи Сардор Азмунга футболдан 4 ойлик дисквалификация таҳдид қилмоқда. Воқеалар ривожи шундай бўлиб чиқса, у ЖЧ—2018 саралашидан жой олган Ўзбекистонга қарши учрашувни қўйиб юбориши мумкин.
«Sports.ru»нинг хабар беришича, Сардор Азмун билан шартномаси бўлган Қозоннинг «Рубин» клуби Россия Футбол Иттифоқига ариза билан мурожаат қилган. Шикоятда ҳужумчининг «Ростов» сафида ўртоқлик ўйини ўтказгани кўрсатилган.
«Рубин» лагерини тарк этиб, Эронга жўнаб кетган Азмун, бир неча кундан кейин Австрияда йиғин ўтказаётган «Ростов» сафида «Тренчин»га қарши ўртоқлик ўйини ўтказган. «Ростов» учрашув қайдномасида фақатгина бошланғич таркиб футболчиларини кўрсатган бўлсада, Словакия клуби ўйин трансляциясини Youtube’га жойлаштирганди, унда эса Сардор Азмун кўриниб қолган.
«Biznes Online» маълумотига кўра, «Ростов» эронлик ҳужумчини клуб аъзоси сифатида рўйхатдан ўтказишга уриниб кўрган. Бироқ РФПЛ бунга футболчининг «Рубин» билан шартномаси бўлгани важидан рухсат бермаган.
«Рубин»нинг шикояти қондирилса, Сардор Азмун 4 ойга футболдан четлатилиши, «Ростов» эса кетма-кет икки трансфер дарчасида янги футболчиларни ўз сафига қўшиб ололмаслиги мумкин.
Ўзбекистон ва Эрон миллий терма жамоалари ўртасидаги ЖЧ—2018 йўлидаги беллашув 2016 йилнинг 6 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)