Ироқ ички ишлар вазири Муҳаммад Салом ал-Габбон мамлакат пойтахтида содир бўлиб, 200 дан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган теракт туфайли истеъфо беришга қарор қилди. Бу ҳақда вазирнинг ўзи Бағдоддаги матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
Муҳаммад Салом ал-Габбон Ироқ куч муассасалари фаолиятида ижобий натижалар йўқлиги юзасидан норозилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, хавфсизлик органлари бир-бирларининг ишларига аралашади ва шу орқали ишда тўсиқни юзага келтиради.
«Хавфсизлик кучлари манфаатлари тўқнашишда давом этса, Ироқ халқи бундан кейин ҳам азоб чекаверади», — деб ҳисоблайди вазир.
Эслатиб ўтамиз, 3 июлга ўтар кечаси Ироқ пойтахтининг Каррада туманидаги шиалар зиёратгоҳи яқинида автомобиль портлатилиши оқибатида қурбонлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 213 кишига етди. 200 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Бағдодда содир этилган теракт қурбонлари хотирасига умуммиллий мотам эълон қилинган эди.
Изоҳ (0)