TransCanada компанияси АҚШ маъмуриятига Канададан Мексика бўғозининг Техас штатидаги қирғоғигача Keystone XL нефть қувури қуришга рухсат бермагани учун 15 миллиард доллардан иборат даъво қўзғади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Компания расмий вакили Марк Куперга кўра, даъво Шимолий Америка эркин савдо ҳудуди ҳақидаги келишувга биноан арбитраж судига киритилган.
«TransCanada АҚШ маъмуриятининг ноқонуний ва асосланмаган рад этиши туфайли мазкур лойиҳада кўп миллиардли инвестициясидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлди. Компания ўз ҳуқуқини ҳимоя этиш ниятида ва ололмаган фойдасини 15 миллиард долларга баҳолайди», — дея таъкидлаган Купер.
Ўтган йил ноябрида президент Барак Обама ушбу лойиҳа «АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларига тўғри келмаслиги»ни билдириб, ундан воз кечилиши ҳақида эълон қилганди. Бошидан лойиҳага қаршилик қилиб келган экологик ташкилотлар штаб-квартираси Канаданинг Калгари шаҳрида жойлашган компанияни «очиқдан-очиқ чўчитиш тактикаси»ни қўллашда айбламоқда.
Изоҳ (0)