«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб «25» номли акция ўтказади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган матбуот анжуманида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф. Муҳаммаджонова ва бошқалар бу ҳақда маълумот берди.
Йиғилишда «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказиладиган «25» акциясида ёшлар ўртасида мустақиллик даврида қўлга киритилган ютуқларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи ижодий ишлар танлови ўтказилиши эълон қилинди.
Акция доирасида «Мустақиллик менинг тақдиримда» мавзуида тақдимотлар танлови, «Энг улуғ ва энг азиз» шиори остида энг сара видео ва аудиотабриклар, «Ватанимга дил изҳори» шиори остида фотосуратлар ва видеороликлар танлови ўтказилади. Унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин. Иштирокчилар томонидан тақдим этилган ижодий ишлар жорий йилнинг 25 августига қадар «Камолот» ҳудудий кенгашлари ҳамда «25.kamolot.uz» сайтига, лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб борилади.
Тадбирда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан «Камолот» фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритган журналистларга совғалар топширилди.
Изоҳ (0)