АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп ўзининг рақиби Ҳиллари Клинтонни «Дунё миқёсидаги алдоқчи» деб атади. Бу ҳақда Reuters маълум қилди.
«Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар президенти лавозимига даъвогарлик қилган энг коррупциялашган киши бўлса ажаб эмас», — дея таъкидлаган Трамп Нью-Йоркда, тарафдорлари орасидаги чиқиши чоғида.
Миллиардерга кўра, Клинтон «шахсий бойиш ва ўғрилик сиёсатини мукаммаллик даражасига олиб чиқди». У Давлат котиби лавозимидаги қарорларини Клинтонлар жамғармаси ва у билан боғлиқ хайрия ташкилотлари таъсирида қабул қилган. Шунингдек, Трамп рақибини мустабид тузумларга пора эвазига ёрдам беришда айблаб, Давлат департаментини бошқарган икки йили давомида Клинтон 21,6 миллион доллар ишлаб олганини билдирди.
Давлат котиби сифатида сиёсий хато қарорлар қабул қилгани, ИШИД таъсир доираси ўсишини тийиш, Эронга нисбатан санкциялар кучайтирилишига эришиш, Ливиядаги хаоснинг олдини олишга муваффақ бўлмаганини танқид қилди. «Қаерга борган бўлса, унинг қарорлари ўлим, вайронагарчилик ва террорчиликни ёйишдан бўлакка ярамади», — дея маълум қилган Трамп.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)