Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон, қироллик аҳолиси референдумда мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши учун овоз берганидан сўнг, истеъфо беришини маълум қилди. Бу ҳақда у 24 июнь, жума куни тонгда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».
Кэмерон вазиятни барқарорлаштириш учун кузгача ўз лавозимида қолишга ваъда берди. «Мамлакатни кейинги манзилгача олиб борувчи капитан бўлиб қолиш тўғри бўлади, деб ўйламайман», — дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Guardian.
Кэмерон журналистлар олдида қилган ҳиссиётларга бой чиқишида «Британия халқининг истаги бажо келтирилиши лозимлиги»ни қайд этиб ўтди. Унинг қўшимча қилишича, олти йил давомида Британия ҳукуматига раҳбарлик қилиш учун унинг учун шараф бўлган.
23 июнь, пайшанба куни Бирлашган Қиролликда мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласида референдум бўлиб ўтди. Евроиттифоқдан чиқиш учун британияликларнинг қарийб 52 фоизи овоз берди, аҳолининг 48 фоизи бунга қарши чиқди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)