Гаванада Колумбия ҳукумати ва Колумбия Инқилобий қуролли кучлари (FARC) ўт очиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги икки томонлама ва якуний битимни имзолади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўт очишни бутунлай тўхтатиш, сиёсатда қуролдан фойдаланишни тақиқловчи янги маданиятнинг ривожланишига кўмаклашиш ва келишув имзолангандан сўнг, 180 кунлик муддатда қуролсизланишни таъминлаш учун «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш эълон қилинган ҳужжатнинг асосий бандларидан жой олган.
Шу билан бир пайтда келишувга риоя этилишини кузатиш ва назорат қилиш учун таркибига Колумбия ҳукумати, FARC ҳамда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари ҳамжамиятига аъзо мамлакатлардан кузатувчилар билан БМТ вакиллари кирувчи уч томонлама механизм ўрнатилмоқда.
Экспертларнинг фикрича, имзоланган ҳужжат томонларни 50 йилдан ортиқ давом этиб келаётган ва 260 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетган можаро якунига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ яқинлаштирди.
Изоҳ (0)