АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Бреннан 2001 йил 11 сентябрдаги терактларни текшириш бўйича комиссия Саудия Арабистонининг ҳужумларга алоқадорлигига далиллар топмаганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«11 сентябрь терактларидан сўнг комиссия Саудия Арабистонининг уларга алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни синчиклаб текширди. Комиссия мамлакат ҳукумати ва саудиялик юқори мартабали мансабдорлар терактларни қўллаб-қувватлаганини кўрсатувчи далиллар мавжуд эмаслиги ҳақидаги хулосага келди. Ўтказилган текширувлар ҳужумлар ‘Ал-Қоида’, унинг етакчиси аз-Завоҳирий ва унга ўхшаганларнинг иши эканлигини кўрсатди», — деб таъкидлади Бреннан Al Arabiya телеканалига берган интервьюсида.
Комиссия ҳисоботи эълон қилинганини «яхши воқеа» деб баҳолаган Бреннан кейинги 15 йил мобайнида «Саудия Арабистони АҚШнинг террорчиликка қарши кураш борасида энг яхши шерикларидан бирига айлангани»ни билдирди.
Олдинроқ ОАВда 11 сентябрь терактларини текшириш бўйича комиссия ҳисоботида Саудия Арабистони расмийлари террорчиларни қўллаб-қувватлагани ҳақида сўз борувчи 28 варақдан иборат махфий маълумотлар борлиги тўғрисида хабарлар тарқалганди.
Изоҳ (0)