Руминиянинг собиқ президенти Траян Бэсеску рафиқаси Мария билан бирга Молдова фуқаролигини қабул қилди. Бу ҳақдаги фармонни Молдова президенти Николай Тимофти имзолади, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Бэсескулар оиласи жорий йилнинг 8 мартида Молдова фуқаролигини тақдим этишни сўраб тегишли идораларга мурожаат қилган эди. Қонунга биноан, бундай мурожаатлар бир йил давомида кўриб чиқилади, аммо, собиқ давлат раҳбарининг мавқеини инобатга олиб, унинг мурожаати имтиёзли тарзда муҳокамага киритилди.
Бэсеску 2004–2014 йилларда Руминия президенти бўлган эди. У лавозимдан кетганидан сўнг икки давлатни бирлаштириш лойиҳаси устида жиддий ишлашини баён қилганди.
«Бирлашув Руминиянинг НАТО ва Евроиттифоққа қўшилишдан кейинги учинчи миллий лойиҳаси бўлиши лозим», — деб таъкидлаган эди у.
Молдовада Руминия билан бирлашиш ғоясини аҳолининг 21 фоизи қўллаб-қувватлайди. Руминияда бу кўрсаткич 68 фоизга тенгдир.
Изоҳ (0)