Ўзбекистонда жорий йилнинг I чорагида вафот этганлар сони ўтган йилнинг мос давридагидан 1 200 нафарга кўп бўлди. Бу ҳақда Статистика агентлиги пресс–релизида келтирилган.
Агентлиги таҳлилига кўра, мамлакатда 2024 йилнинг январь–март ойларида 40 200 нафар одам вафот этган (2023 йил I чорагида 39 000 та ўлим қайд этилган). Шундан эркаклар сони 21 900 минг, аёллар 18 300 минг нафар.
Ҳудудлар кесимида ўлимларнинг энг кўп улуши Самарқанд (жами кўрсаткичнинг 11,1 фоизи) ва Фарғона вилоятлари (10,4 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (9,7 фоиз) қайд этилган. Энг кам улуш Сирдарё (2,5 фоиз), Навоий (2,9 фоиз), Жиззах вилоятлари (3,7 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.
Ҳудудлар бўйича Тошкент шаҳрида вафот этиш коэффициенти энг юқори, Жиззах вилоятида эса энг кам бўлган.
Ўлим сабаблари
Агентлик қайд этилган ўлимларнинг қарийб 57,9 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 7,5 фоизи нафас олиш аъзолари муаммолари, 9,1 фоизи ўсимталардан келиб чиққанини маълум қилган. Шу билан бирга, 4,5 фоиз одам бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,1 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 1,2 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан вафот этган. Қолган 15,7 фоиз инсонлар бошқа турдаги касалликлар таъсирида оламдан ўтган.
Шаҳарларда ўлим кўпроқ
Январь–март ойларида 22 500 нафар одам шаҳар жойларида, 17 700 нафари қишлоқ жойларида вафот этган. Уч ойлик кўрсаткичларга қараганда, февраль ойида январь ва мартдагига қараганда энг кўп — 16 865 нафар инсон оламдан ўтган.
Агентлик таҳлилига кўра, ҳисобот даврида республикада ҳар 100 000 эркакдан 239,2 нафари, ҳар 100 000 аёлдан 199,1 нафари вафот этгани ойдинлашган.
Никоҳлар ва туғилишлар
2024 йил 1 апрель куни Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36 963 300 кишини ташкил этди. Январь–март ойларида республикада 48 582 никоҳ тузилди, 11 481 та никоҳдан ажралишлар қайд этилди. Уч ой давомида мамлакатда 205 700 нафар чақалоқ туғилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил давомида Ўзбекистонда 172 800 нафар одам вафот этган бўлиб, ўлимларнинг 61,1 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан келиб чиққани маълум қилинган. Аввалроқ республикада 2020 йилда 175 600 нафар одам, 2021 йилда 174 500 киши, 2022 йилда 172 100 инсон оламдан ўтгани очиқланганди.
Изоҳ (0)