АҚШ мезбонлик қилаётган футбол бўйича Копа Америка—2016 мусобақасида «C» гуруҳи иштирокчилари ҳам 1-турни якунлади.
Чорак финалга йўлланма олиш учун асосий даъвогар ҳисобланган Мексика ҳамда Уругвай терма жамоалари 1-турдаёқ тўқнаш келди. Учрашувнинг 4-дақиқасига келиб Испаниянинг «Хетафе» клуби шарафини ҳимоя қилувчи Альваро Перейра ўз дарвозасини ишғол қилиб, мексикаликларга қарашиб юборди.
Биринчи бўлимда «Фиорентина»нинг уругвайлик легионери Матиас Весино қизил карточка олиб, жанубий америкаликларни қийин аҳволда қолдирди.
Иккинчи бўлимнинг 71-дақиқасида «Атлетико» билан Чемпионлар Лигасининг финалига қадар етиб борган Диего Годин мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Орадан икки дақиқа ўтиб эса, Мексика футболчиси ҳам ҳакам томонидан қизил карточкага раво кўрилди.
Майдонда футболчилар сонининг тенглашиши КОНКАКАФ вакили учун омадли келди. Учрашув якунига 5 дақиқа қолганида мексикаликлар иккита гол уриб, турнирни ғалаба билан бошлашга муваффақ бўлди.
Гуруҳдаги иккинчи ўйинда Ямайка Венесуэладан енгилди — 0:1. Ўйиндаги ягона гол 15-дақиқада Италиянинг «Торино» клуби сафида тўп сурувчи Жозеф Мартинес томонидан киритилди. 23-дақиқага келиб ямайкаликлар майдонда бир киши кам қолди.
7 июнь тонггида «D» гуруҳи иштирокчилари майдонга чиқиб келади. Копа Американинг амалдаги финалчилари — Аргентина ва Чили ўзаро ҳисоб-китоб қилса, Боливия ҳамда Панама термалари иккинчи жуфтликни ташкил этади.
Америка Кубоги–2016. АҚШ терма жамоаси очилиш ўйинида Колумбияга енгилди
Америка Кубоги—2016. Бразилия илк беллашувда Эквадорни мағлуб эта олмади
Изоҳ (0)