Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Алишер Навоий: қомусий луғат» китобининг тақдимоти ўтказилди. Унда олимлар, ёзувчи ва шоирлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.
Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони С. Ғаниева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А. Саидов, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош директори О. Ғуломов ва бошқалар чиқиш қилди.
«Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти томонидан чоп этилган икки жилдли қомусий луғатда Алишер Навоий ҳаёти, асарлари, поэтикаси, образлар олами, устозлари ва замондошлари ҳақида мухтасар маълумотлар берилган. Луғатда мақолаларнинг номлари, истилоҳлар қисқа ва лўнда, тушунарли шаклда берилган. Тадқиқот мазмун-моҳиятини белгилашда миллий қомусчилик ва жаҳон тажрибасидан фойдаланилган.
Тақдимотда Навоий ижодида маърифат талқини, бадиий матн ва нашр муаммолари, устоз-шогирд муносабатлари, алломанинг асарларига бағишланган мавзуларда маърузалар тингланди.