Бугун, 25 май куни республикадаги барча умумтаълим мактабларида «Хайр, мактаб – салом, коллеж!» тадбирлари «Замонавий билимлар билан замонавий касб-ҳунарга эга бўламиз» шиори остида ташкил этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Тадбирларда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, мактабнинг собиқ битирувчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари иштирок этди. Ўз қобилияти ва иқтидори билан билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, турли спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган ўқувчилар алоҳида тақдирланди.
Шунингдек, «Энг ибратли ўқувчи», «Энг фаол ўқувчи», «Ижодкор ўқувчи», «Ёш ихтирочи», «Мактабимиз фахри», «Спорт устаси», «Компьютер устаси», «Энг ораста қиз» каби номинациялар бўйича иқтидорли ва намунали ўқувчилар тақдирланди.
Тадбир ниҳоясига етгач, барча мактаб битирувчилари ўз қизиқиши бўйича танлаган академик-лицей ва касб-ҳунар коллежига ота-оналари билан бирга ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
2015—2016-ўқув йили давомида умумтаълим мактабларининг 9-синфини тугатаётган 476 616 нафар ўқувчини таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш мақсадида бир неча бор «Сўровнома»лар ўтказилиб, уларнинг академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни давом эттириш истаги аниқланди. Сўровнома натижаларига кўра битирувчиларнинг 42 870 нафари академик лицейларда, 433 738 нафари эса касб-ҳунар коллежларида ўқиш ниятида эканини билдирган.
Изоҳ (0)