Аризона штати университети тадқиқотчиларининг аниқлашича, маҳаллий олийгоҳларда биологиядан таълим берадиган профессорларнинг кўпчилиги талабаларга эволюция назариясига ишонишни эмас, балки уни тушунишни ўргатиш зарур деб ҳисоблайди. Тадқиқот натижалари CBE-Life Sciences Education журналида чоп этилди.
Эволюция назарияси кўп баҳсларга сабаб бўлади. Гап шундаки, кўпгина эътиқодли инсонлар бу назарияни диний қарашларга зид деб ҳисоблайди. Олимлар ўқитувчиларнинг ўзлари бу масалага қандай ёндашишини аниқлашга уриниб кўрди.
Сўровда штатдаги уч университет ва ўн жамоат коллежи ходимлари иштирок этди. Улар орасида атеистлар, агностиклар, яҳудийлар, протестантлар ва католиклар бор эди.
Илгариги тадқиқотларнинг кўрсатишича, биология курслари тингловчиларининг 50 фоиздан ортиғи ўзларини эътиқодли деб ҳисоблайди. Профессорларнинг кўпчилиги талабаларининг диний қарашларини шубҳа остига олиб, илмий қарашларга қарши қўйишга журъат этмайди. Ўз навбатида, талабалар ҳужайраларда мембарананинг мавжудлиги сингари оддий илмий фактларни осон қабул қилади.
Шунингдек, сўровдан маълум бўлишича, профессорларнинг аксарият қисми фан ва дин бир-бирига зид келади деб ҳисоблайди, аммо бу мавзуда талабалар билан фалсафий суҳбатлар қилишдан қочади.
Бундан ташқари, талабаларнинг самовий кучлар тирик организмлар яратилишида иштирок этганига бўлган ишончи улар эволюцияни тўғри тушунишига тўсқинлик қилади.
Олимлар келажакда бундай тадқиқотда умуммиллий даражада ўтказишни режалаштирмоқда. Айни пайтда улар талабалар эволюцияни диний нуқтаи назардан қандай қабул қилишини ўрганмоқда.
Изоҳ (0)